2020 йил glavnaya

Ўзбекистонда коронавирус юқтирганлар орасида оғир аҳволдаги беморлар сони кескин ошди

2020 йил 9 август соат 23:30 ҳолатига кўра, мамлакатимизда яна 145 киши коронавирус юқтиргани тасдиқланди ва Ўзбекистонда ушбу инфекцияси қайд этилганлар сони 30 609 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, 9 август куни мамлакатимизда 691 ҳолатда касаллик қайд этилди. Янги ҳолатлар коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида 3 нафар, Қашқадарё, Тошкент ва Навоий вилоятларида 1 нафардан, жами 6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди.

Бугун Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Қашқадарё, Андижон, Сурхондарё, Наманган ҳамда Навоий вилоятларида жами 726 нафар бемор соғайди.

Бундан ташқари, бир суткада аҳволи оғирлашган беморлар сони 516 нафарга кўпайган. Бир суткада оғир аҳволдаги беморлар сони 404, ўта оғир аҳволдаги касаллар сони эса 112 нафарга кўпайган.

Хусусан, 8 август куни ССВ тақдим этган маълумотда мамлакатимизда коронавирус инфекциясидан даволанаётган 8 414 нафар бемордан 974 нафари оғир, 274 нафари эса ўта оғир аҳволда эканлиги маълум қилинган.

9 августда эса даволанаётган 8 373 нафар бемордан 1 378 нафари оғир, 386 нафари эса ўта оғир аҳволда эканлиги қайд этилган.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 30 609 нафар бемордан 22 042 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 72 фоизни ташкил этмоқда.