Версия для слабовидящих

2021 йил glavnaya Популярные новости

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш бошланди

Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакцинация жараёни бошланди. «Газета.uz» Миробод туманидаги 1-сонли поликлиникада бўлиб, вакцинация жараёнини кузатди. Бу ерда биринчи бўлиб бош шифокор эмланди. Фуқаролар AstraZeneca ва хитой-ўзбек ZF-UZ-VAС2001 вакциналаридан бирини танлашлари мумкин.

1 апрель куни Ўзбекистонда COVID-19га қарши вакцинация жараёни бошланди. Биринчи босқичда 65 ёшдан катта бўлган фуқаролар ҳамда тиббиёт ходимлари эмланмоқда.

«Газета.uz» мухбири бўлган Миробод тумани 1-сон оилавий поликлиникасида 8 мингдан ортиқ фуқаро эмланиши режалаштирилган.

Бир кун олдин поликлиникада тайёргарлик ишлари тугатилиб, иккита вакцина Хитой-ўзбек (ZF-UZ-VAK2001) ва AstraZeneca (Ҳиндистондан келтирилган Covishield) олиб келинган. Поликлинка бош шифокорининг сўзларига кўра, Хитой-ўзбек вакцинаси уч маротаба, AstraZeneca вакцинаси эса 21−28 кун оралиғида икки маротаба қилинади.

Эрталаб соат 9дан вакцинация бошланган поликлиника ходимларининг сўзларига кўра, ҳозирча кўпроқ одамлар Хитой-ўзбек вакцинасини танлашмоқда.

Поликлиника бош шифокори Халмухамедова Наргиза биринчи бўлиб ўзи (хитой-ўзбек вакинаси билан) эмланди.

Халмухамедова Наргиза.

«Раҳбар сифатида мен поликлиниканинг 152 нафар ходимига ўрнак бўлишим керак», — дейди у.

Унинг сўзларига кўра, поликлиника қошида иккита вакцинация пунктлари ташкил этилган — асосий бино ва филиалда. Бундан ташқари, тумандаги шифохоналар, стоматологик клиникалар ва бошқа тиббий муассасалар ходимларини эмлаш учун мобил бригадалар ҳам ташкил этилган. Шунингдек, ушбу бригадалар уйида ётган ва поликлиникага келолмайдиган 241 нафар фуқароларни ҳам эмлаш учун сафарбар қилинади.

Поликлиникада рўйхатдан ўтиш, вакцина олиш, кузатув ва тиббий ёрдам кўрсатиш хоналари тайёрлаб қўйилган.

Вакцинациядан олдин фуқаролар тиббий кўрикдан ўтади. Поликлиникада кузатув хонаси ташкил этилган бўлиб, фуқаро эмланганидан сўнг 30 дақиқа давомида шифокорлар кузатувида бўлади, ундан кейин уларга жавоб берилади. Вакцинадан ножўя таъсир кўрганларга тез тиббий ёрдам кўрсатилади.

Кейинги босқичда ушбу поликлиникада 18 ёшдан 64 ёшгача бўлган 3930 нафар сурункали касаллиги бор беморлар эмланади.

«Вакцина олган фуқарода ҳарорат кўтарилиши, бош оғриғи, ҳолсизлик, бош оғриши каби аломатлар кузатилса, биринчи ўринда участка ҳамшираси ёки шифокори, иммунолог ҳамда ваксинаторларга мурожаат қилиши мумкин», — дейди бош шифокор.

Print Friendly, PDF & Email
loading