Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари яна орта бошлаши ортидан 15 март куни Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бошчилигида махсус йиғилиш бўлиб ўтди. Пойтахтда карантин талабларига риоя қилиниши қатъий назоратга олинади.
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосарлари, шаҳар сектор раҳбарлари, туман ҳокимлари ва бошқармалар раҳбарларидан иборат штаб аъзолари ҳам қатнашган йиғилишда сўнгги кунларда Тошкент шаҳрида коронавирус инфекциясига чалиниш ҳолатлари ортаётгани юзасидан Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ҳамда Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг ахбороти тингланган.
Шунингдек, мавжуд вазиятни назоратга олиш, шаҳарнинг барча туманлари, маҳаллалари, иш жойлари ва таълим масканлари, шунингдек, аҳоли кўп тўпланадиган бозорлар ва савдо марказлари, жамоат транспортларида амалдаги карантин тартиб-қоидаларига тўлиқ риоя қилинишини таъминлаш муҳимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган.
«Пойтахт ҳудудида коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш ҳамда амалдаги карантин талаблари ва санитария-гигиена тартиб-қоидаларига аҳоли томонидан тўлиқ риоя этилишини назоратга олиш бўйича масъулларга топшириқ ва кўрсатмалар берилди. Йиғилиш якунида штабнинг тегишли қарори қабул қилинди», дейилади маълумотда.
Ўзбекистонда сўнгги кунларда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ янги ҳолатлар сони сезиларли даражада ошди. ССВ матбуот хизмати маълумотига кўра, 14 март куни яна 111 кишида вирус аниқланган ва бу 2020 йилнинг декабридан буён энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
14 март кунги янги ҳолатларнинг 93таси Тошкент шаҳрига тўғри келади. Қайд этиш керакки, Ўзбекистонда 2021 йилнинг январ-феврал ойларида кунлик ўсиш кўрсаткичлари 40дан ошмаётганди — Тошкентда 7 январда 3та, 15 февралда 4та янги ҳолат қайд этилган). 10 март кунига келиб янги ҳолатлар сонида кескин ўсиш қайд этилди — 71 янги ҳолат. 11 март кунги пасайиш (+45)дан кейин рақамлар муттасил кўтарила бошлади ва ҳар куни янги рекордлар қайд этилмоқда.
Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 725 нафар бемор даволанмоқда, улардан 141 нафари оғир, 23 нафари эса ўта оғир аҳволда.