2020 йил glavnaya

Ўзбекистонлик мутахассислар COVID-19 коронавирусини аниқлаш тизимини ишлаб чиқди

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази биотехнологлари COVID-19 коронавирусини аниқлаш тизимини ишлаб чиқди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири вазирлик Матбуот хизматига асосланиб.

Мутахассислар ушбу ишланмани яратиш устидаги изланишларни бундан бир ой олдин, вируснинг дунё бўйлаб тарқалиши авж олган ва Ўзбекистонда ҳам пайдо бўлиш хавфи ортиб бораётган бир пайтда бошлаган эди. Олимлар фикрига кўра, аниқлаш тизими COVID-19 вируси геномининг уч ёқлама полимераза занжир реакцияси таҳлилига асосланган. Бу яратилган синов тизимининг ўзига хос хусусиятидир. Зеро, айни кунда мавжуд воситалар бир ёқлама таҳлиллар олиб боришга мўлжалланган.

– Ишланмамиз Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), шунингдек, Касалликларни назорат қилиш ва уларнинг олдини олиш маркази тавсияларига мувофиқ ишлаб чиқилди, – дейди биология фанлари доктори Aлишер Aбдуллаев. – Хитойлик олимлар томонидан аниқлаган вирус геномининг кетма-кетлиги барча ишланмалар қатори биз таклиф қилган ечим учун ҳам асос бўлиб хизмат қилди. ЖССТ тавсияларига кўра, аввал коронавирусни аниқлаш тести бирламчи синов сифатида ўтказилади. Шундан сўнг уни тасдиқлаш учун COVID-19 геномининг яна икки қисми учун тест ўтказиш талаб этилади. Якуний босқич аниқланган штаммни кетма-кетлаштиришдан иборат. Бу вируснинг мутациялашиш даражасини аниқлаш учун муҳимдир. Боиси ҳар қандай тез тарқаладиган вирус сингари COVID-19 ҳам мутациялашишга мойил.

Маҳаллий тест тизимини яратиш жараёнида Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасининг кўмагини алоҳида қайд этиш зарур. Элчихона AҚШда ишлаб чиқарилган ижобий назорат намуналарини тезкор етказиб беришни ташкил қилди.

– Кейинги босқичда тест тизимини рўйхатдан ўтказишимиз керак, шундан сўнг уни ишлаб чиқаришни ташкил қилишимиз мумкин, – дейди Илғор технологиялар маркази директори Шаҳло Турдиқулова. – Марказимизда диагностик тест тизимларини ишлаб чиқиш имконига эга майдон бор ва айни пайтда бу ерда стартапларимиздан бири – “БиоТестЛаб” ишламоқда. Стартап ташкил қилинганига кўп бўлмаган бўлса-да, бундай ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича етарли тажрибага эгамиз.
Касаллик ташхисини қўйиш учун инсонлар бурун-томоқ қисмидан намуналар олиш керак бўлади. Чунки вируснинг энг кўп тўпланиши шу жойда кузатилади. Кейинчалик, вируснинг РНКси ажратиб олинади, у ДНК шаклига ўтказилади ва полимераза занжир реакцияси таҳлил қилинади. Бутун жараён учун 5-6 соат талаб этилишини инобатга олган ҳолда айтиш мумкинки, бу тезкор таҳлил эмас, балки фақат ихтисослашган лабораторияларда ишлатилиши мумкин бўлган тўлиқ тест тизимидир.