2020 йил glavnaya Янги Ўзбекистон

Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчихонаси Европада стартап лойиҳалар яратиш бўйича IT-парклар билан ҳамкорликни ўрнатишда кўприк вазифасини бажаради

Ўзбекистон Республикасининг Бельгия Қироллигидаги элчиси Дилёр Ҳакимов Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари парки (IT-парк) директори Фарҳод Ибрагимов билан онлайн мулоқот ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мазкур учрашув «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастури доирасида мамлакатимизга хорижий инвесторларни кенг жалб қилиш ҳамда миллий маҳсулотларнинг онлайн рекламасини кучайтириш орқали Европа бозорларига экспорт ҳажмини оширишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилди.

Тадбирда IT-парк директорининг ўринбосарлари А.Қўчқоров ва Б.Аюпов ҳамда «Uzbekistan Venture Capital» уюшмаси раиси Д.Зуфаров қатнашди.

— Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари, хусусан Бенилюкс мамлакатларидаги элчихонаси олдида турган асосий вазифалар — хорижий инвестицияларни жалб қилиш, экспорт ҳажмини ошириш ва туризмни ривожлантиришга қаратилган, — деди Дилёр Ҳакимов. — Республикамизда хорижий инвесторларга яратилаётган кенг имкониятлар, инвестицион муҳитни ҳамда миллий маҳсулотларнинг онлайн рекламасини кучайтиришда бугунги замонавий илм-фан технологияларидан фойдаланиш, янги стартап лойиҳалар яратишга хизмат қилмоқда. Янги ғояларни яратишда ёш дастурчиларни бир жойга жамловчи IT-паркнинг имкониятлари жуда юқори. Марказ билан Бенилюкс мамлакатларида мавжуд ўхшаш хорижий компаниялар ҳамда олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни ўрнатишда элчихона кўприк вазифасини бажаришга тайёр.

Шунингдек, музокараларда IT-паркнинг хорижий тажрибани ўрганиш, кадрлар тажрибасини ошириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги фаолиятида чет мамлакатларда истиқомат қилаётган ватандошларнинг ўрни юқори эканлиги айтиб ўтилди.

АКТ соҳасида етук билим ва юқори малакага эга бўлган ватандошлар рўйхатини шакиллантириш ва улар билан алоқани ривожлантиришда амалий ёрдам кўрсатишга келишиб олинди. Ватандошлар ва хорижликлар орасидан IT-паркнинг чет мамлакатлардаги вакилларини тайинлаш бўйича таклифлар берилди.

Видеомулоқот давомида IT-парк вакиллари мазкур замонавий марказнинг фаолияти, мақсад ва вазифалари ҳамда келгусидаги режалалари тўғрисида тақдимот ўтказди.

Жумладан, марказ директори Фарҳод Ибрагимов 2019 йил июль ойида Тошкент шаҳрида дастлабки IT-парк очилгани ва унинг фаолияти истиқболли стартап лойиҳаларни ишга тушириш ва уларни бозорга олиб чиқишга йўналтирилганини маълум қилди.

— IT-парк — бу фаол ва истеъдодли инсонларнинг бухгалтерия, ҳуқуқшунослик, маркетинг, илм-фан ва бошқа йўналишлардаги ғояларини қўллаб-қувватлаш орқали ҳақиқий бизнесга айлантириши учун чинакам имкониятга эга маскан ҳисобланади, — деди у. — IT-парк тарихи Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга ташрифи чоғида томонларнинг ахборот технологиялари соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтириш борасида эришилган келишувдан бошланган. Бугунги кунда биз «Software Technology Parks of India» (Деҳли), «Tech Nation» (Лондон), «Astana Hub» (Нур-Султон), «IT-парк» (Москва), «Эксадел» (Минск) ва бошқа етакчи тузилмалар билан ҳамкорликни йўлга қўйдик.

Тадбир якунида элчихона ва IT-парк ўртасидаги ҳамкорлик бўйича режалар муҳокама қилинди ва АКТ йўналишида илмий салоҳиятга эга ватандошларимиз иштирокида мунтазам тарзда онлайн мулоқотлар ташкил қилишга келишиб олинди.