2019 йил Bosh-sahifa-kir Долзарб хабарлар

Ўзбекистоннинг халқаро имижи қандай бўлиши керак?

Ўзбекистонни интеллектуал ва инновацион давлатлар қаторидан жой олишига эришиш, имижни яратиш ва тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Замонавий Ўзбекистон қиёфасини илгари суриш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилиб, халқаро экспертлар фикр-мулоҳазалари, ривожланган мамлакатлар имиж бўйича стратегияларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хўш, бугун халқаро экспертлар, мамлакатимиз илмий доира вакиллари томонидан Ўзбекистон имижини яратиш бўйича қандай таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилмоқда?
Ўзбекистоннинг имиж концепцияси Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган давлат, тарихий шаҳарларга бой мамлакат сифатида шакллантириладими ёки илғор ривожланиш тамойиллари асосида одимлайдиган давлат тариқасида?
ЎзА мухбири ушбу масала юзасидан халқаро экспертлар ва мамлакатимиз академик доираларининг фикрларини ўрганди.
Акмал САИДОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори:
 
asaid.jpg
– Ўзбекистоннинг халқаро имижини юксалтириш масаласи бир неча жиҳатларни қамраб олади.
Ана шундай жиҳатлардан бир илмий-теоритик характерга эга. Аммо афсус билан тан олиш керак, бугун Ўзбекистонда имижиология илми етарли даражада ривожланмаган. Дунёнинг кўпгина давлатлари тараққиётида ана шу соҳа муҳим аҳамият касб этган. Шунинг учун чет давлатлар ижобий тажрибасидан андоза олган ҳолда ушбу соҳани кенгроқ ўрганиш зарурати бор.
Сўнгги уч йилда мамлакатимиз халқаро имижини яхшилаш бўйича сезиларли натижаларга эриша олди. Ҳозирги кунда дунё ҳамжамияти Ўзбекистоннинг янги қиёфаси ҳақида гапирмоқда. Америкалик олим Фредерик Старрнинг “Ўзбекистоннинг янги қиёфаси” китоби нашр қилингани фикримизга ёрқин мисол бўла олади.
Унда келтирилишича, Ўзбекистоннинг халқаро имижини ривожлантиришда Президент Шавкат Мирзиёевнинг фаолияти алоҳида аҳамиятга эга. Халқаро майдонда, хусусан, Марказий Осиё давлатлари билан олиб бораётган фаол ҳамкорлик сиёсати мамлакат халқаро имижини ижобий томонга ўзгартиришга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон халқаро имижини мустаҳкамлаш бўйича берилаётган бу каби баҳолар бизни қувонтиради. Аммо шуларнинг ўзи Ўзбекистон брендини, имижини тарғиб қилиш учун етарли эмас. Бунинг учун концепция ишлаб чиқиш, халқаро тажриба асосида миллий ёндашувни яратиш зарур.
Японияликларнинг чел элларда “Япон миллий боғ”ларини ташкил этишлари, бошқа мамлакатларда Хитой миллий таомлари ошхонасининг бўлиши ёки французлар ошхонасида биргина пишлоқдан тайёрланадиган 500 дан ортиқ тур таомларнинг бўлиши ўша давлатларнинг халқаро майдондаги ўзига хос имижи ҳисобланади.
Андоза олиш ёки тақлид қилиш орқали эришилган услуб имиж ҳисобланмайди, албатта. Буларни мисол келтириш орқали мен ўзига хослик масаласига алоҳида эътибор бериш кераклигини таъкидлаб ўтишни истардим.
Виолен де ВИЛЬМОР хоним, Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси:
Виолен де Вилмор.jpg
– Мамлакат халқаро имижини мустаҳкамлаш ҳақида музокараларга киришмасдан аввал ягона қарашни шакллантириш керак. Ўзбекистон ҳукумати қандай халқаро имижни хоҳлайди? Замонавий имижми ёки тарихий. Халқаро майдонга қандай қиёфада намоён бўлишни истайди? Арзон нарх-наво, бозор иқтисодиёти асосидаги меҳмондўст халқ имижими ёки жўшқин, юқори нарх бозор иқтисодиётига эга давлат имижими? Жиддий тартиб-қоидаларга асосланган ҳукуматми ёки фуқаролар эркинлиги асосий ўринга кўтарган бошқарувдаги давлатми? Шу каби саволларга жавоб топиш, шундан сўнг концепциялар лойиҳасини ишлаб чиқиш керак.
Француз халқи вакили сифатида шуни айтишим мумкинки, францияликлар Ўзбекистон цивилизациясини қадрлайди. Мамлакатингизда тарихий ривожланиш босқичида яратилган юксак маданий мерос дунё халқлари орасида ўзига хослиги ва бойлиги билан ажралиб туради. Нафақат францияликлар, балки бошқа кўплаб халқлар ҳам ўз ҳолича сақланиб қолган маданий ва моддий мерос объектлари билан танишиш учун юртингизга келади. Яқин кунларгача дунё ҳамжамияти Ўзбекистонни Бухоро, Самарқанд, Хива каби тарихий шаҳарлар орқали таниганлари сир эмас.
Мамлакатнинг замонавий қиёфасини яратиш Ўзбекистоннинг инвестицион жозибадорлигини оширишда ҳам катта аҳамиятга эга. Бунинг натижасида туризм ривожланади, иқтисодий тараққиёт кузатилади. Лекин мамлакатда амалга ошириладиган бунёдкорлик ишлари тарихий қадамжоларни бузиш эвазига амалга оширилмаслиги керак. Замонавий инфратузилмани яратиш Ўзбекистоннинг жаҳонда туристик салоҳиятини пасайтириб юбормаслиги керак. Зеро, бугун юртингизнинг мавжуд халқаро имижи тарихий-маданий бойликлари эвазига шаклланган.
Матиас ВАНГЛЕР, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташкилотининг германиялик эксперти:
– Ёшлар иттифоқига халқаро эксперт сифатида жалб қилингунга қадар юртингизда бўлмаганман ва Ўзбекистонни Буюк ипак йўлида жойлашган, Самарқанд, Бухоро, Тошкент каби шаҳарлари орқали таниганман. Бу шаҳарлар мен учун Ўзбекистоннинг имижи сифатида намоён бўлган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида ўзининг янги келажаги томон жадал интилиб бораётган давлат сифатида эътироф этилмоқда.
Бирор давлатнинг имижини шакллантириш ёки мустаҳкамлаш ҳақида сўз борганда, бунинг мураккаб жараён эканини қайд этиш жоиз.
Мамлакатнинг халқаро имижини мустаҳкамлаш масаласида аввало қандай натижа кутилаётганини белгилаб олиш керак. Ундан сўнг ушбу вазифаларни амалга ошириш тадбирини ишлаб чиқиш керак. Халқаро имижни ривожлантириш, аввало, ички тараққиётни мустаҳкамлаш натижасида амалга оширилиши керак.
Шунингдек, таълим соҳасини ислоҳ қилиш ҳам муҳим жиҳат. Табиий бойликлари у даражада кўп бўлмаган Германия ҳам тараққиётнинг бугунги босқичига таълим тизимини ислоҳ қилиш орқали эришган.
Жон.jpg
Жон МАКГРЕГОР, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси:
– ЕХҲТга аъзо давлатлар Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди. Дунё ҳамжамияти Ўзбекистонни барқарор ривожланиб бораётган мамлакат сифатида тан олмоқда.
Мамлакат халқаро имижини мустаҳкамлаш ҳақида сўз кетганда, Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганини қайд этиш ўринли.
Мен Ўзбекистоннинг халқаро имижини мустаҳкамлашда халқаро ташкилотлар билан муносабатларни ана шу тарзда ривожлантириб бориши тарафдориман. Зеро, бу орқали мамлакатда инвестиция муҳити яхшиланади, туризм соҳаси тараққий этиб, дунё мамлакатлари билан тажриба-кўникма алмашиш имкони туғилади.

 

Зуҳра Мирзабоева, ЎзА