2020 йил glavnaya

Ўзбекистоннинг Россиядаги дипломатия ваколатхоналари ватандошларни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда

Пандемия шароитида мамлакатимизнинг Россия Федерациясидаги дипломатик ваколатхоналари қошида ташкил этилган Тезкор штаб томонидан ватандошларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича ишлар тизимли равишда давом эттириляпти, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Хусусан, 2020 йил 31 августдан 7 сентябрга қадар мамлакатимизнинг 3 минг 297 нафар фуқароси Россиядан Ўзбекистонга қайтарилди. Авиақатновлар Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург ва Қозон шаҳарларидан, шунингдек, 31 августь куни Владивосток – Тошкент йўналишида амалга оширилди.

«Меҳр» хайрия лойиҳаси доирасида турли сабабларга кўра Ўзбекистонга қайтиб кела олмаган ва мушкул аҳволга тушиб қолган 85 нафар ҳамюртимизга умумий қиймати 735 минг 50 рубль миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди.

Ёрдам олганлар орасида қарамоғида 2 ёшга тўлмаган боласи бор ёки ҳомиладор 40 нафар аёл, COVID-19 га чалинган 1 нафар ватандош, Россия олий ўқув юртларининг кундузги бўлимларида ўқиётган 42 нафар талаба бор, шунингдек, улардан икки нафарининг Москвадаги меҳмонхоналарда яшаш харажати қоплаб берилди.

Умуман олганда, «Меҳр» хайрия акцияси бошланганидан буён Россияда Ўзбекистон фуқароларига тўланган моддий ёрдамнинг умумий  миқдори 57 миллион 348 минг 454 рублни ташкил этмоқда ва ушбу хайрияни олганлар сони 8 минг 152 кишига етди.