Ўзбекистон Республикасининг Сеулдаги элчихонаси томонидан “Олтин дафтар”га киритилган, мамлакатимизда инвестиция лойиҳаларини амалга оширмоқчи бўлган қашқадарёлик юртдошларимиз ҳамда Қашқадарё вилояти ва вилоят туманлари ҳокимиятлари мутасадди ходимлари ўртасида видеоконференцалоқа воситасида мулоқот ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Онлайн-тадбирда юртдошларимиз савдо мажмуалари, хорижий тилларни ўргатиш ва мактабгача таълим марказлари, автомобилларга техник ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектлари, шунингдек, фермер хўжаликлари ташкил этиш каби тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга киришаётганини маълум қилди. Шу билан бир қаторда, улар мазкур лойиҳаларни бажариш учун маҳаллий ҳокимият томонидан тегишли ер майдонлари ажратилиши юзасидан мурожаат қилди.
Муҳокамалар доирасида вилоят ҳокимлиги вакиллари томонидан сармоядор юртдошларимиз лойиҳалари ўрганилди, улар учун тегишли ер майдонини ажратиш тартиби бўйича маълумот берилди ҳамда лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар ва вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, ватандошларимиз тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш, лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш билан боғлиқ ташкилий масалалар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Тадбирда юртдошларимиз тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва улар томонидан таклиф этилаётган лойиҳаларни амалга оширишни таъминлаш мақсадида вилоят ва туман ҳокимликлари томонидан мутасадди вакиллар белгиланди, шу каби мулоқотларни мунтазам равишда ўтказишга келишилди.