2021 йил 30 апрель куни Тошкент давлат шарқшунослик университетида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ташкилотчилигида “Ўзбекистоннинг Туркий кенгаш давлатлари билан ҳамкорлиги” мавзусида халқаро онлайн конференция ўтказилди.
Конференция ишида Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркия, Ўзбекистон ва Венгрия расмий доиралари, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчилари, халқаро экспертлар, олимлар, нуфузли олий таълим муассасалари ректорлари, давлат арбоблари, дипломатик корпус ва халқаро ташкилот вакиллари қатнашди.
Анжуманда жаҳон сиёсатида кузатилаётган ҳозирги ўзгаришлар шароитида туркий тилда сўзлашувчи давлатлар ташқи сиёсати ва халқаро муносабатларининг концептуал жиҳатлари, мазкур давлатлар ташқи сиёсатидаги янги тенденциялар ҳамда уларни ўрганиш муаммолари ва истиқболлари, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик ташкилотининг халқаро муносабатлардаги, хусусан, “Шарқ ва Ғарб” мулоқоти контекстидаги ўрни ва аҳамияти, шунингдек, халқаро лойиҳалар доирасидаги ўзаро алоқалари муҳокама қилинди.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Азамат Тошев “Туркий тилли мамлакатлар ўртасида дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш истиқболлари” мавзусидаги маърузасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 31 март куни Туркий Кенгашнинг норасмий саммитида илгари сурган ташаббусларига алоҳида эътиборни қаратди. Шунингдек, Туркий Кенгашга аъзо давлатлар ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш, ташкилот доирасида маданий-маънавий соҳадаги муносабатларни янги босқичга кўтариш юзасидан амалий таклифлар берди.
Маърузачи 30 июль – Ўзбекистонда “Халқлар дўстлиги куни” этиб белгиланганлиги муносабати билан Тошкентда ташкил этилаётган “Дўстлик ҳафталиги” ва унинг доирасида “Дўстлик” халқаро форум-фестивали ҳамда “Марказий Осиё давлатларида миллатлараро тотувликни таъминлаш” мавзусидаги халқаро конференцияга барча ҳамкорларимизни чорлади.
Маълумот учун: Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш)нинг ҳалқаро интеграцион ташкилот сифатида обрўси ва нуфузи жаҳонда тобора ортиб бормоқда. Ташкилотга Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркия ва Ўзбекистон аъзо бўлган. Шунингдек, Венгрия ва Туркманистон кузатувчи мақомига эга.
Туркий Кенгаш давлатларининг умумий майдони 4,5 млн. кв.км.дан ортиқни ва аҳолиси сони 150 млн. нафарни ташкил этади. Ташкилотга аъзо давлатларнинг ялпи ички маҳсулотининг умумий миқдори 2,1 млрд. АҚШ долларидан ошади. Ушбу кўрсаткич бўйича, шартли равишда, жаҳонда 13 ўринни эгаллайди. Ялпи ички маҳсулотининг йиллик ўсиш суръатлари жаҳон ялпи ички маҳсулотининг ўртача йиллик кўрсаткичларидан сезиларли даражада юқорилигича сақланиб қолмоқда.
Қўмита матбуот хизмати