2020 йил glavnaya

Жанубий Кореядаги Ўзбекистон элчихонасида «Олтин дафтар»га киритилган ватандош сармоядорлар сони 83 тага етди

Жорий йилнинг 17 август куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида хорижда меҳнат қилаётган фуқароларга муносиб шарт-шароитлар яратиш ва улар билан тизимли ишлаш юзасидан видеоселектор йиғилишида хориждаги салоҳиятли ватандошлар сармоясини давлатимиз иқтисодиётига жалб этиш йўналишида белгиланган вазифалар доирасида мамлакатимизнинг Жанубий Кореядаги элчихонаси томонидан тизимли  ишлар амалга оширилмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Жумладан, Корея Республикасида меҳнат қилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тизимли ишлаш, ватандошлар билан алоқаларни фаоллаштириш ҳамда молиявий имкониятлари яхши бўлган ватандошларнинг мамлакатимиз ҳудудидаги инвестицион лойиҳаларга жалб этиш мақсадида 5-6 сентябрь кунлари элчихона ходимларининг Кванжу ва Мокпо шаҳарларига хизмат сафари ташкил этилди.

Сафар давомида  элчихона вакиллари Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Кванжу шаҳридаги ваколатхонаси вакиллари билан биргаликда ушбу шаҳарларда ишлаётган 60 дан ортиқ ватандош билан учрашувлар ташкил этилди.

Тадбирда ишчиларнинг ишлаш ва яшаш шароитлари ўрганилиб, уларга мамлакатимиздаги барча соҳаларда олиб борилаётган  ижобий ўзгаришлар, жумладан хорижда меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ишчиларни қўллаб-қувватлаш доирасида қабул қилинаётган қонун ва қарорлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Мамлакатимизда хориждаги ватандошлар томонидан Ўзбекистонга киритиладиган сармоялар қўллаб-қувватланиши ва барча шароитлар яратилиши  маълум қилинди.

Ўтказилган мулоқотлар натижасида ушбу мамлакатда вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бораётган 12 нафар ватандош томонида умумий миқдори 1 миллион 440 минг долларга тенг бўлган сармояни Ўзбекистонга киритиб, ўз бизнес фаолиятини бошлаш бўйича таклифлари қабул қилинди.

Айни пайтга келиб мамлакатимизнинг Жанубий Кореядаги элчихонаси «Олтин дафтари»га киритилган ватандошларнинг умумий сони 83 нафарга етди. Улар томонидан киритиладиган сармоянинг миқдори 10 миллион 838 минг АҚШ долларини ташкил қилмоқда.