2021 йил Bosh-sahifa-kir

Жанубий Кореянинг Кодже шаҳрида ватандошлар билан учрашув ўтказилди

Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси ҳамда Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги ТММАнинг Кванжу шаҳридаги ваколатхонаси вакиллари Кодже шаҳрида бўлиб, бу ердаги «DAEWOO» кемасозлик заводининг масъул ходимлари, ушбу заводда вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ватандошларимиз билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбир жорий йил 24 октябрь куни мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Президенти сайлови ва уни Корея Республикаси ҳудудида ташкил этиш масалаларига бағишланди.

Учрашув давомида ватандошларга Президент сайлови кампаниясининг бориши, бу борадаги сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишлар ҳақидаги батафсил маълумотлар тақдим этилди. Корея Республикаси ҳудудида ташкил этиладиган сайлов участкалари, жумладан, Кодже шаҳрида ўтказиладиган муддатдан олдин овоз бериш жойларини ташкил этиш, сайловни ўтказиш ва овоз бериш тартиб-қоидалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, тадбирда иштирок этган завод маъмурияти вакиллари билан Ўзбекистон фуқароларига ушбу сайловда иштирок этиш учун зарур шарт-шароитлар яратиб бериш масалалари кўриб чиқилди.

Элчихона ва ваколатхона ходимлари шунингдек, Кодже шаҳар ҳокимиятига ташриф буюриб, шаҳар маъмурияти масъул ходими Ким Хёнг Жонг билан музокара ўтказди. Учрашувда ушбу шаҳарда вақтинчалик истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг муддатидан олдин овоз беришини ташкил этиш ва ўтказиш, бунинг учун зарур шароитлар яратиш масалалари кўриб чиқилди.