2021 йил glavnaya Популярные новости

ЖССТ йил охиригача коронавирусни енгиб ўтиш масаласини кўриб чиқди

Коронавирус пандемиясини 2021 йилнинг охирига қадар муддатидан олдин енгиб ўтиш мумкин, деди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) фавқулодда ҳолатлар дастури директори Майкл Райан журналистлар билан суҳбатда. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.

Шунингдек, унинг сўзларига кўра, COVID-19’га қарши самарали вакцинанинг яратилиши касалликлар туфайли келиб чиққан оғир инфекциялар ва ўлимлар сонини камайтиради.

«Агар ақлимизни ишга солсак, пандемия билан боғлиқ касалхонага ётқизишлар, ўлим ҳолатлари ва фожиаларга барҳам бера оламиз», — деди у брифингда.

Бундан ташқари, ЖССТ маълумотларига кўра, ўтган ҳафтада дунё бўйича коронавирус инфекциясининг янги ҳолатлари сони сўнгги бир ярим ой ичида биринчи марта ошди.

ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесуснинг айтишича, вирусга чалиниш ҳолатларининг кўпайиши «умидсизлик уйғотмоқда, лекин ажаблантирмаяпти». Шу билан бирга, ташкилот раҳбари давлатларни инфекция тарқалишининг олдини олиш чораларини юмшатмасликка чақирди.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатлар учун фақат эмлаш дастурларига ишониб қолишга ҳали жуда эрта. «Агар мамлакатлар фақат вакциналарга ишонса, хато қилади», — таъкидлади Гебрейесус.

У ривожланган мамлакатларнинг керагидан ортиқ вакцина олаётгани камбағал мамлакатлар учун дори етказиб берилишига салбий таъсир кўрсатаётганини танқид қилди. «Баъзи мамлакатлар вакциналарни аҳоли орасида касаллик хавфи кам бўлган ёш, соғлом одамларга сарфлаётгани, бунинг натижасида бошқа мамлакатларга вакциналарнинг етмай қолаётгани ачинарли ҳол», — деди ЖССТ раҳбари.