Коронавирус пандемияси қачон тугаши ҳақидаги фаразларни илгари суриш вақти ҳозирча келгани йўқ. Бу мавзуни яна икки ҳафтадан сўнг кўтариш мумкин. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Россиядаги вакили Мелита Вуйнович баёнот берган.
«Бу ҳақда гапиришга ҳали эрта, ЖССТ шундай ҳисоблайди. Ҳозир турли давлатлар мисолида таҳлиллар олиб бориляпти. Салбий кўрсаткичларнинг юқорига қараб ўсишини тўхтатиш керак. Ҳаммаси кўрилаётган чора-тадбирлар ва вирус одамлар оралаб қандай ўтишига боғлиқ. Икки ҳафтадан сўнг гаплашамиз», — деган Вуйнович «Россия-1» телеканали эфири орқали мухбирнинг саволига жавоб бераркан.
Коронавирусга қарши дори воситалари ҳақида сўз юритаркан, ЖССТ вакили айни чоғ клиник тадқиқотлар олиб борилаётганини қайд этди. «Ҳозир коронавирус инфекциясига қарши 20 хил номзод-вакцина мавжуд», — деди у.