Boshqa

Азиз ватандошлар! Қадрдон ҳамюртларимиз!

Якунига етиб бораётган йилни кузатар эканмиз, йил давомида босиб ўтган йўлимизни ва рўй берган воқеаларни, қўлга киритилган ютуқларни шукроналик билан кўз ўнгимиздан ўтказамиз.

Шубҳасиз, 2019 йил биз учун самарали ва хосиятли йил бўлди, деб айтиш учун тўлиқ асосларимиз бор. 

Сўнгги йилларда Президентимиз томонидан мамлакатимизда миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида асрларга татигулик ишлар амалга оширилди.

Ана шундай оқилона сиёсат натижасида мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллатга мансуб фуқаролар жамиятимиз ижтимоий, сиёсий, маънавий ҳаётида фаол иштирок этиб, давлатимизнинг буюк келажагини таъминлаш йўлида самарали  меҳнат қилмоқдалар. Улар Ўзбекистонни ўз Ватани, тақдирларини Ўзбекистон тақдири билан  туташ, миллий маданиятлари ривожини Ўзбекистон тараққиётининг узвий қисми деб билмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси президентининг  2019 йил 15 ноябрдаги “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш, республикамизда яшаб турган турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ва ривожлантириш соҳасида Ўзбекистон Республикасининг давлат сиёсатини самарали амалга оширишда пухта замин бўлади.

Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни кириб келаётган янги 2020 йил билан чин дилдан табриклайман. Янги йил барчамизга тинчлик хотиржамлик, файзу барака, сиҳат саломатлик ва албатта оилавий бахт олиб келсин.

Юртимизда ҳукм сураётган миллатлараро тотувлик ва ҳамжихатлик абадий бўлсин!

Янги йилингиз қутлуғ келсин!

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан

дўстлик алоқалари қўмитаси раиси

Рустамбек Қурбонов