Мамлакатимиз элчихонасида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ва «Ўзбекистон-Нидерландия» дўстлик жамғармаси (ЎзНед) ўртасида ҳамкорлик Меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
ЎзНед раиси Далия Чакар иштирокида ўтказилган тадбир давомида икки томонлама ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбонов мамлакатимизда миллатлараро тинчлик-тотувликни таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида атрофлича маълумот берди.
Ўзбекистонда айни пайтда 130 дан зиёд миллат ва 16 конфессия вакиллари тинч-тотув, бир оиладек яшаб келаётгани, қўмита мамлакатимиздаги барча миллатларни қамраб олган 153 та маданий марказ фаолиятига ҳар томонлама кўмаклашиб келаётгани маълум қилинди. Бундан ташқари, дунёнинг турли мамлакатларида Ўзбекистон билан тузилган 53 та дўстлик жамиятининг фаолиятига ҳам ҳар томонлама кўмаклашилмоқда.
Қўмита фаолиятининг яна бир муҳим йўналиши хорижда истиқомат қилаётган 10 миллиондан кўпроқ ўзбекистонлик ватандош билан алоқаларни ривожлантиришдан иборат.
Учрашувда «Ўзбекистон-Нидерландия» дўстлик жамғармасининг фаолиятига юқори баҳо берилди. 2017 йилда ташкил этилган ЎзНед билан ҳамкорликда қатор тадбир ва лойиҳалар, хусусан, Ўзбекистон миллий байрамларини нишонлаш, «Сардоба» сув омборида рўй берган техноген фожеа натижасида зарар кўрган аҳолига кўрсатилган моддий ёрдам, Нидерландияда Иккинчи жаҳон урушида фашистлар қурбони бўлган 101 нафар ўзбекистонлик аскарнинг хотирасига бағишлаб маросимлар ўтказилди.
Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимизда 30 июль куни «Халқлар дўстлиги куни», деб эълон қилиш тўғрисидаги қонун қабул қилингани таъкидланиб, июль ойида мамлакатимизда ўтказиладиган «Халқлар дўстлиги ҳафталиги»да иштирок этиш учун «Ўзбекистон-Нидерландия» дўстлик жамғармаси делегацияси таклиф қилинди.
ЎзНед раиси Далия Чакар Ўзбекистонга илк бор 2017 йилда Наврўз байрами кунларида ташриф буюриб, юртимизнинг қадимий шаҳарларини зиёрат қилиш бахтига муяссар бўлганини мамнуният билан эслади.
У Ўзбекистоннинг жадал тараққиёти, мамлакатда кечаётган кенг кўламли ўзгаришларни мунтазам кузатиб келаётганини таъкидлади. ЎзНед раиси, шунингдек, Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган «Халқлар дўстлиги ҳафталигида» иштирок этиш таклифини қабул қилишини таъкидлади.
Учрашув якунида Вазирлар Маҳкамаси хузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ва «Ўзбекистон-Нидерландия» дўстлик жамғармаси ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.
— Жамғармамиз Нидерландия ва бутун Европа бўйлаб Ўзбекистон салоҳиятини илгари сураётганидан мамнунмиз, — деди ЎзНед раиси Далия Чакар “Дунё” АА мухбирига берган интервьюда. — Бугун исмзоланган меморандум жамғармамиз фаолиятини янада кенгайишига хизмат қалади. Шунингдек, Ўзбекистонни Европада янада кенгроқ миқёсда тарғиб қилиш, унинг Европа жамоатчилигига яқинроқ таништиришда муҳим шерик ва профессионал ҳамкорга эга бўлдик.