Версия для слабовидящих

Boshqa

ТИВ: «Давлат тилини тартибга солишга ҳар қандай аралашув асло мақбул эмас»

Ўзбекистон ТИВ давлат тилини тартибга солиш давлатнинг мутлақ ички сиёсатига дахлдор бўлиб, ҳар қандай аралашув асло мақбул эмаслигини маълум қилди. Аввалроқ Россия ТИВ вакили Ўзбекистонда давлат тилида иш юритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича муносабат билдирган эди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги апрель ойи охирида эълон қилинган давлат тилида иш юритишни жорий этиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси атрофидаги муҳокамалар юзасидан муносабат билдирди.

14 май куни Россия ТИВ вакили Мария Захарова қонун лойиҳаси тарафдорлари камчиликни ташкил этишини маълум қилган эди (видео).

«Биз ОАВда музокараларга сабаб бўлган ушбу қонун лойиҳасига эътибор бердик. Бизга унинг [қонун лойиҳасининг] тарафдорлари ҳозирча камчиликни ташкил этмоқда. Кўплаб изоҳлар рус тилини расмий доираларда тўлалигича сақлаб қолиш бўйича билдирилмоқда. Бу тарих руҳиятига, ҳозирги иккитомонлама муносабатлар сифатига, асосийси, Россияда ишлаш ва ўқиш қарорини қабул қиладиган Ўзбекистон фуқароларининг манфаатларига тўғри келади», — дея таъкидлаган Мария Захарова.

«Давлат тилини тартибга солувчи соҳага боғлиқ масалалар давлатнинг мутлақ ички сиёсатига дахлдор бўлиб, ҳар қандай аралашув асло мақбул эмас», — дея маълум қилди Ўзбекистон ТИВ бунга жавобан.

Ташқи сиёсат маҳкамаси мамлакат ҳудудида яшовчи барча миллат ва элатлар тилига ҳурмат билан муносабатда бўлиш республика қонунчилигида ўз ифодасини топганини таъкидлади. «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади».

 ТИВ 1995 йилда қабул қилинган «Давлат тили тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 9-моддасига биноан давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш давлат тилида юритилишини эслатиб ўтди.

Худди шу «қонун ўз она тилини ўрганиш ва ундан фойдаланиш, хусусан таълим олиш, давлат ташкилотларига мурожаат қилиш, ҳуқуқий ва бошқа маълумотлардан фойдаланиш ҳамда ишбилармонлик муомаласида ҳеч қандай тўсиқларсиз қўллаш имкониятини кафолатлайди», — дея қайд этди ТИВ.

«Шу муносабат билан Ўзбекистонда истиқомат қилувчи бошқа миллатлар ҳолати тўғрисида ташвишларга ҳеч қандай асос йўқ. Гап юқорида зикр қилинган 1995-йилда қабул қилинган қонун ижроси ҳақида кетмоқда. Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатимизда давлат тили ҳақидаги қонун талабларига риоя этиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш жараёнида холис бўлишга, олдиндан асоссиз хулоса чиқармасликка ва ҳурмат сақланишига умид қилади», — дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, Россия ТИВ вакили баёнотига кўплаб депутатлар, жамоатчилик вакиллари, хусусан журналистлар ва блогерлар қарши муносабат билдириб, мазкур қонун лойиҳаси тарафдорлари озчиликни ташкил этмаслиги, қолаверса унинг баёноти суверен республиканинг ички ишларига аралашиш эканини таъкидлади.

Print Friendly, PDF & Email
loading