АРАБ МИЛЛИЙ МАДАНИЯТ МАРКАЗИ
Кўп асрлардан буён араблар Ўзбекистон ҳудудида тотув хлқимизнинг бир миллат сифатида яшаб келмоқда. Араблар зич яшайдиган Қашқадарё вилоятида 1991 йили Араб миллий маданий маркази ташкил этилган бўлиб, у бугунги кунга қадар фаол ишлаб келмоқда.
Ушбу марказ ташаббуси ва“Ўзбекфилм” студияси кўмагида ўзбекистонлик араблар тарихи ва маданияти ҳақида ҳикоя қилувчи “Асрлар қўйнидан”, “Жейновликлар” ва “Ўзбекистон араблари” деб номланган ҳужжатли филмлар суратга олинди.
Марказ ташаббуси билан Жейнов шаҳарчасида қадимги технологиялар асосида машҳур араб гиламларини тўқиш корхонаси ташкил этилган, араб тилини ўргатиш курслари очилган. Шу ернинг ўзида ўзбекистонлик арабларнинг анъаналари ва урфодатлари тўғрисида ҳикоя қилувчи этнографик музей ҳам фаолият кўрсатади. Марказ фаолиятидаги энг ёрқин саҳифалар таниқли пахтакор, Ўзбекистон Қаҳрамони Муродулло Саидов (1935–2009) билан боғлиқдир.Миришкор туманидаги “Жейнов” ширкат хўжалигига раҳбарлик қилган Муродулло Саидов ўз жамоасини республиканинг энг илғор хўжаликлари даражасига олиб чиққан, шунингдек, Араб миллий маданият марказининг биринчи раиси сифатида марказнинг муваффақиятли ривожланишига катта ҳисса қўшган эди. Давлат ва халқ олдидаги хизматлари юксак баҳоланиб Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига кўра М/Саидов 2002 йил “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган.
Бугунги кунда марказда қадимги араб қўшиқлари ва рақсларини ижро этувчи “АлАрабия” фолклор ансамбли фаолият кўрсатади. “Ўзбекистон — умумий уйимиз” дўстлик ва маданият фестивалларининг бир неча бор ғолиби бўлган этнографик жамоанинг ўзига хос ижоди ва санъати оммавий байрам тадбирлари ва миллий тўйларнинг безаги ҳисобланиб, томошабинлар томонидан доимо илиқ қабул қилинади.
Жейнов шаҳарчаси яқинидаги Каҳлак ва Пўлати қишлоқларида мамлакатимизда яшовчи турли миллат ва халқларнинг, жумладан араб халқининг атоқли адиблари, фан ва маданият арбоблари билан учрашувлар ўтказилади.
Қарши давлат университети, Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Тарих институти, Қарши шаҳар Педагогика коллежи тадқиқотчилари марказ кўмагида бир неча йилдан бери ўзбекистонлик араблар тарихи ва маданияти бўйича илмий изланишлар олиб бормоқдалар. Таниқли олим Поён Равшановнинг тадқиқот материалларига асосланган “Жейнов тарихи” деб номланган монографияси кенг жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди.
Араб миллий маданий маркази Қашқадарё вилоятида фаолият кўрсатаётган рус, татарбошқирд, туркман, тожик миллий маданий марказлари билан биргаликда миллий маданиятларнинг ўзаро бойитилиши ва халқлар дўстлигини мустаҳкамлашга қаратилган маданиймаърифий тадбирларни ўтказиб келмоқда.