РEСПУБЛИКА ТОЖИК МИЛЛИЙ МАДАНИЙ МАРКАЗИ
Бугунги кунда Ўзбекистонда ўзбеклар билан умумий этник илдизга эга 1,5 миллиондан ортиқ тожик яшайди. Бу икки халқнинг маданиятлари, турмуш тарзлари, урфодатлари ва халқ санъати — барчаси жуда яқин, айрим ҳолларда эса, уларни умуман ажратиб бўлмайди. Иккала халқнинг ибтидоий, қадимги ва аксарият ҳолларда ўрта асрларга оид тарихи ўзаро чамбарчас боғлиқдир.
Республика тожик миллий маданий маркази Ўзбекистонда 2008 йили ташкил қилинган, бугунги кунга келиб унинг таркибий тузилмасида Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Наманган, Фарғона вилоятларидаги ҳудудий бўлинмалари, Бухорода — “Офтоби Сўғдиён” тожикфорс маркази, 1990 йил Тошкентда ташкил этилган “Ориёно” ҳамда Чирчиқ шаҳридаги “Сўғдиёна” марказлари фаолият юритмоқда.
Авестонинг 2700 йиллигини, Шарқнинг буюк олими ва шоири Фирдавсий таваллуд топган кунини нишонлаш, форстожик адабиётининг асосчиси Рудакийнинг 1150 йиллик юбилейи, Ибн Сино, Жалолиддин Румий Балхий, Мир Али Ҳамадоний, ёзувчи ва шоир Садриддин Айний ҳаёти ва ижодига бағишланган тадбирлар кўпчилик диққатини жалб этди. Шу билан бирга, асарлари ўзбек тилига таржима қилинган Тўхтамиш Тўхтаев, Абдулло Субхон, Жаъфар Муҳаммад, Файз Муҳаммад, Юнус Имомназар, Муҳаммаджон Шодиев, Асадулло Шукуров каби замонавий муаллифлар билан ижодий учрашувлар ҳам яхши таассуротлар қолдирди.
Марказ аъзолари Ўзбекистон Фанлар академиясининг аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, ёш космонавтлар халқаро аэрокосмик мактабининг асосчиси Шавкат Воҳидов, шунингдек, Самарқанд махсус илмий реставратсия ишлаб чиқариш устахонасининг реставратори, Ўзбекистон Қаҳрамони Мирумар Асадов номини фахр билан тилга олишади.
Марказ томонидан ҳар йили Тожик тили куни, тожик халқининг тарихи ва маданияти бўйича ўзига хос танловлар, шоирлар ва адабиёт аҳли ўртасида мушоира, таниқли тожик рассомлари — Муборак Йўлдошев ва Зайниддин Мирзоев картиналарининг кўргазмалари ташкил этилаган. Марказ ёш фаоли самарқандлик халқаро гроссмейстер Жаҳонгир Воҳидов қадимги шахмат ўйинининг шонли анъаналари давомчиси сифатида халқаро миқёсда шуҳрат қозонмоқда.
Марказда ўтказилаётган бир қатор тадбирлар, жумладан Ўзбекистоннинг миллий ва давлат байрамлари, тожикларнинг халқ байрами “Меҳргон” — ҳосил байрами ва бошқалар “Овози тожик”, “Овози Самарқанд”, “Ховар” каби тожик тилида чиқадиган газеталарда ва Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг “Рангинкамон”,“Ягона оилада” телекўрсатувларида кенг ёритилиб борилади.
Республиканинг “Ўзбекистон” нашриётида Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сир дарё, Сурхондарё, Фарғона ва Тошкент вилоятларидаги тожик мактаблари учун тожик тилида дарсликлар чоп этилади.
Бу таълим муассасалари учун мутахассислар Самарқанд давлат университети филология факултетининг тожиктили бўлимида, фарғона вилоятининг сўх туманидаги коллежда ва яна бир қатор таълим муассасаларида тайёрланади.