“СЛАВУТИЧ” РEСПУБЛИКА УКРАИН МАДАНИЙ МАРКАЗИ
Украинларнинг ўзбек диёрига оммавий тарзда кўчиб келишлари тўғрисидаги дастлабки маълумотлар ХИХ асрда қайд этилган. Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудида 71 мингдан ортиқ этник украинлар истиқомат қилади. Украинларнинг ўзига хос маданиятининг сақланиши ва ривожланишига 2001 йилда ташкил этилган “Славутич” Республика украин маданий маркази ҳамда унинг Нукус ва Ангрен шаҳарлари, шунингдек, Тошкент вилоятидаги бўлинмалари катта ҳисса қўшиб келмоқда.
“Славутич” фаоллари томонидан украин санъати фестиваллари, халқ ижодиёти кўргазмалари, украин тили бўйича конкурслар ва викториналар каби турли тадбирлар ташкил қилинади.
Марказ қошида “Черемшина” ва “Лаванда” ансамбллари ташкил этилган бўлиб, бу жамоалар Ўзбекистон ва Украина мустақиллик кунларига бағишланган ўзбекукраин дўстлиги кечалари, Славян ёзуви ва маданияти кунлари, миллий байрамлар — Рождество, Пасха, Иван Купала ҳамда 9 Май — Хотира ва Қадрлаш кунини нишонлаш каби тадбирларнинг доимий иштирокчилари саналишади. Марказнинг аксарият лойиҳалари “Ўзбекистон — Украина” дўстлик жамияти билан биргаликда амалга оширилади.
“Славутич” маданий марказида асарлари ўзбек тилида нашр этилган украин ёзувчилари ва шоирлари китобларининг тақдимоти, Алишер Навоий, Зулфия, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Мухтор Ашрафий, Николай Гогол, Сергей Василенко, Иван Франко каби ўзбек ва украин халқларининг санъат ва адабиёт соҳасидаги таниқли арбоблари ҳаёти ва ижодига бағишланган адабий ва мусиқали кечалар ўтказилади.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида ҳар йили ўтказиладиган Шевченко кунлари, унинг Тошкентдаги ҳайкали ёнидаги учрашувлар ҳам марказнинг хайрли анъаналаридан ҳисобланади. Украин адабий тилининг асосчиси, узоқ йиллар давомида Орол денгизи бўйида сургунда яшаган ва икки халқ дўстлигининг тимсоли ҳисобланувчи Тарас Шевченко ҳайкали марказнинг ташаббуси билан Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида ҳам ўрнатилган.
Марказда турли йилларда Ўзбекистонда яшаган таниқли украинлар хотирасига бағишлаган кечалар ташкил қилинади.Шундай инсонлардан бири — Украинанинг машҳур шоири Павел Грабовскийнинг ўғли, телевидение ихтирочиси Борис Грабовскийдир.
“Славутич” маркази томонидан нашр этилган “Ўзбекистонлик украинлар” албоми диаспоранинг тарихи ва бугунги кундаги ҳаётига бағишланган. Албомда украин диаспорасининг иқтисодиёт, фан ва маданият равнақига ҳисса қўшган вакиллари тарихи ва кўпқиррали фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади.
Украиналиклар Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Киэвга қилган ташрифи вақтида: “Ўзбекистонлик украинлар — бизнинг украинлар”, деган сўзларини миннатдорчилик билан эслайдилар ва“Ўзбекистон — умумий уйимиз” иборасини фахр ила такрорлаган ҳолда, ўзбек халқи билан дўстбиродар бўлиб яшаётганликларидан мамнун эканликларини таъкидлайдилар.