ТОШКEНТ ШАҲАР ГРEК МАДАНИЯТИ ЖАМИЯТИ
Юнонларнинг Ўзбекистон ҳудудида пайдо бўлиши Александр Македонскийнинг Шарққа қилган юришлари билан боғлиқ. Мамлакат жанубий ҳудудларининг Салавкийлар, ЮнонБақтрия ва Кушон подшоликлари таркибига кириши янги маданият — шарқий эллинизм, яъни эллин ва маҳаллий анъаналарнинг синтези юзага келишига сабаб бўлди.
Аммо бугунги кунда Ўзбекистонда яшаётган юнонларнинг тарихи Иккинчи жаҳон уруши ва урушдан кейинги воқеалар билан боғлиқ. Ўз халқининг эркинлиги учун фашизм билан курашган қадимги Эллада ўғлонлари 1949 йил Ўзбекистонга кўчиб келган. 1964 йили Тошкентда Грек сиёсий эмигрантлари жамиятини ташкил қилганлар. Диаспоранинг қарорига кўра, 1997 йил 4 март куни ушбу жамият Тошкент шаҳар Грек маданияти жамиятига ўзгартирилган. Ўшандан бери ва бугунги кунда оталар ва боболар васияти сифатида жамият доирасида она тили ва анъаналарни сақлашга қаратилган ишлар давом этиб келмоқда.
Ўтган асрнинг 60йиларида ҳашар йўли билан қурилган маданий марказ биносида бугунги кунда турли миллат вакиллари орасида оммабоп бўлган грек тили тўгараги, миллий чолғу асбоби — бузуки ва гитара тўгараги, грек таомлари тўгараги, Ўзбекистоннинг машҳур рассоми Янис Салпинкиди ва унинг шогирдлари раҳнамолигидаги рассомчилик тўгараги, “Сиртаки” рақс ансамбли фаолият кўрсатиб келмоқда. Бу ансамбл репертуарида грекча рақслар — сиртаки, коломатианос, коччари, зимбекико ҳамда дунё халқларининг, жумладан ўзбек халқининг миллий рақслари мавжуд. Таркиби турли миллат вакилларидан ташкил топган “Сиртаки” ансамбли “Ўзбекистон — умумий уйимиз” республика фестивалининг ғолиби, республикамизда нишонланадиган барча давлат ва миллий байрамларининг доимий иштирокчиси ҳисобланади.
Жамият бошқа миллий маданий марказлар билан бирга Ўзбекистон ва Гретсия Мустақиллик кунлари, “Охи!”(“фашизмга йўл йўқ!”) куни, православларнинг Пасха ва Рождество байрамларини нишонлайди.
Диаспоранинг энг кекса вакиллари ва оқосоқоллари билан учрашувлар доим қизиқарли ўтади, улар ўзларининг шонли меҳнат йўллари, Мирзачўлни ўзлаштириш, “Пахтакор” марказий ўйингоҳи, “Чилонзор” тураржой массиви қурилишидаги иштироклари ҳақида фахрланиб сўзлаб берадилар. Ўзбек халқи томонидан ўзларининг меҳнатларига берилган юксак баҳо билан фахрланган ҳолда, ўзбекларнинг меҳмондўстлиги ва қардошларча ёрдами учун миннатдорчилик билдирадилар.
Халқ орасида эллинларнинг оташин қалбли авлодлари клуби деб таърифланувчи ва ўзбекистонлик грекларнинг фахри ҳисобланган Тошкент грек маданияти жамиятининг фидокорона меҳнати — диаспора маданий меросининг авайлаб сақланиши ва эъзозланишининг ёрқин намунасидир.