ТОШКEНТ ШАҲАР ХИТОЙ МАДАНИЙ МАРКАЗИ
Хитой ва ўзбек халқларининг ўзаро маданий алоқалари Буюк Ипак йўлининг кўпасрлик тарихи билан боғлиқ. Бунга милоддан аввалги И–ИИ асрларга мансуб ёзма манбалар ва замонавий Ўзбекистон ҳудудидаги археологик топилмалар далил бўла олади.
Бугунги кунда маданий алоқалар ривожига 2001 йилда ташкил этилган Тошкент шаҳар Хитой миллий маданий маркази ҳам ўз ҳиссасини қўшибкелмоқда. Бу марказ икки мамлакат дўстона алоқаларининг жонли тимсолидир.
Унинг фаолияти асосан миллтлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, миллий маданиятларни ўзаро бойитишга, Марказ аъзоларининг Хитой халқи бой маданий меросини, шу жумладан хитой тилини, халқ ижодиётини ва ҳунармандчилигини, миллий таомларини ва миллий байрамларини ўрганишуа бўлган эҳтиёжини қондиришга йўналтирилган.
Инсоният тарихидаги буюк кашфиётлардан бири ҳисобланган иероглифларга асосланган хитой ёзувида олиб бориладиган хитой тилини ўқитиш курслари марказнинг фахри ҳисобланади.
Марказнинг ижодий лойиҳалари қаторида замонавий Хитой ҳақидаги фотокўргазмалар, декоративамалий санъат кўргазмаларини ташкил қилиш, анъанавий маданиятнинг ажралмас қисми ҳисобланган хитой миллий таомларини оммалаштириш ва турли миллатларга мансуб ёшларни Хитойнинг кўпасрлик маданий мероси билан таништириш каби тадбирлар ўрин олган.
Марказда хитойликларнинг миллий байрамлари, хусусан, Чундзе — ой календари бўйича баҳорни ва янги йилни қаршилаш кенг нишонланади. Ундан ташқари, марказ бошқа этник бирлашмалар билан биргаликда республикамизнинг Наврўз, Мустақиллик куни, Ўзбекистон Конституцияси куни каби миллий ва давлат байрамларида иштирок этади.
2006 йилдан бошлаб ХХРнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Тошкент давлат шарқшунослик институти қошидаги Конфутсий институти билан ҳамкорликда республика олий таълим муассасалари талабалари ва Хитой маданий маркази қошидаги хитой тили курсларида таҳсил олувчилар ўртасида хитой тилини ўзлаштириш бўйича конкурслар ўтказиб келинмоқда. Танлов ғолиблари Хитойга бепул саёҳат ва Хитойнинг етакчи олий ўқув юртларида амалиёт ўтказиш учун бепул йўлланмалар билан тақдирланадилар.
Хитой маданий марказининг ривожланишида Ўзбекистон билан Хитой ўртасида ўрнатилган мустаҳкам алоқалар ҳамда Буюк Ипак йўлининг тикланиши алоҳида аҳамият касб этади. Марказда таниқли давлат ва жамоат арбоблари, Хитой маданияти ва санъатининг кўзга кўринган вакиллари билан учрашувлар мунтазам ўтказилади.
Марказ жамоатчилиги, шунингдек, Ўзбекистонда Хитой маданияти кунлари ва Хитой киноси кунларида фаол иштирок этиб келади.