ТОШКEНТ ШАҲАР ЛИТВА МАДАНИЯТИ ЖАМИЯТИ

Литваликлар Ўзбекистон ҳудудида 100 йилдан кўпроқ вақт давомида яшаб келмоқдалар. Бугунги кунда уларнинг ҳар бири ўз тақдири, оиласи, ишига эга бўлиб, барчасини ягона маданият, анаъаналар ва тарихий илдизлар бирлаштирган.
Тошкент шаҳар Литва маданияти жамияти 1992 йилда ташкил этилган.Жамият аъзолари Литва мустақиллиги куни, Великос — католиклар Пасхаси, Каледус — Рождество, Ионенес — ёзги қуёш туриши каби миллий байрамлари билан бир қаторда Ўзбекистоннинг Мустақиллик куни, Наврўз каби умумхалқ байрамларини нишонлайдилар.
Литваликлар ўз учрашувларида қадимги миллий урфодатларини эслашади, Литва ва Ўзбекистонда содир бўлаётган воқеаларни, жамиятнинг лойиҳаларини муҳокама қилишади.

Жамият томонидан Литва адабиётининг асосчиси Кристионас Донелайтис (1714–1780), ижодининг аҳамияти бўйича Пушкин билан қиёсланувчи романтикшоир Майронис (1862–1932), дунёга танилган рассом ва композитор Чурленис (1875–1911) каби литва маданиятининг таниқли намояндаларининг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган кечалар ўтказилади.
Ундан ташқари, Ўзбекистондаги литваликлар жамиятнинг кекса фаоллари учун Литвага таништирув саёҳатлари ва болалар учун дам олиш масканларига саёҳат уюштирадилар, миллий таомларни тайёрлаш, пасха байрами арафасида тухум безаш ва кулич пишириш бўйича мусобақалар ҳамда болалар расмларининг кўргазмаларини ташкил этадилар.
Жамият аъзолари ядро физикаси бўйича мутахассис, Ўзбекистон Фанлар академияси аъзоси, профессор Витаутас Бигалис, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган рассом Алгирдас Чаткаускас, Мирзачўлни ўзлаштиришда фидокорона меҳнат қилган Геннадий Довидайтис каби ватандошлари билан фахрланадилар ва уларни доимо ҳурмат ила хотирлайдилар.
Тошкент шаҳар Литва маданияти жамияти ривожига, мамлакатлараро ҳамкорликни янада яхшилашга, миллий урфодатлар ва анъаналарни тиклашга, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга жамиятнинг раислари Юозас Дервинис (1992–1997), Видас Жаунис (1997–2007) ва Жидрунас Сейлюс (2007–2008) ҳамда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган жамиятнинг фаол аъзоси Алгирдас Жаунис салмоқли ҳисса қўшганлар.
Жамият ўз фаолиятида Литванинг таниқли ёзувчилари ва шоирларининг асарлари ва Литвада чоп этиладиган газета ва журналлардан фойдаланади, жамият қошида ташкил этилган кутубхона фонди она тилида нашр қилинган услубий қўлланмалар ва бошқа адабиётлар билан мунтазам тўлдирилиб турилади. Таъкидлаш зарурки, дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатларидаги литва диаспоралари тўғрисида маълумот берувчи “Пасаулио летувис” — “Дунё литваликлари” журналида Тошкент шаҳар Литва маданияти жамияти тўғрисида ҳам мақола чоп этилиши муҳим воқеа.
Литваликларнинг сон жиҳатидан катта бўлмаган диаспорасининг ҳар бир аъзоси ўзини мамлакатимизнинг тенг ҳуқуқли фуқароси эканини ҳис қила туриб, кўп миллатли Ўзбекистон маданиятини бойитишга муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.