Print Friendly, PDF & Email

ТОШКEНТ ШАҲАР “МEГОБРОБА” ГРУЗИН МАДАНИЙ МАРКАЗИ

Грузинлар кўп асрлардан бери ўзбек диёрида яшаб келганлар. Шота Руставелининг “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” достонида Хоразм ва ушбу ўлка билан савдо ҳамда дипломатик алоқалар тилга олинган.
Тошкент шаҳрида 1994 йили ташкил қилинган Грузин маданий маркази “Мегоброба” — “Дўстлик” деб аталиши ҳам бежиз эмас. Бу марказдаги барча тадбирлар бошқа миллий марказлар, республиканинг давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширилади. Ўзбекистон ва Грузиянинг Мустақиллик кунлари, грузиялик санъат арбоблари — “Шарқ тароналари” халқаро фестивалининг бир неча бор совриндори “Лошари” фолклор ансамбли, таниқли қўшиқчилар Нани Брегвадзе, Сосо Павлиашвили ва бошқа эстрада ҳамда кино юлдузлари билан учрашувлар ўзбекгрузин дўстлиги кечалари кўринишида ўтказилади. Марказнинг маданий алоқалар соҳасидаги муваффақиятли фаолиятига Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданиймаърифий алоқалар Кенгаши билан ўрнатилган ҳамкорлик ҳам ёрдам бермоқда.

Ўзбекистонлик грузинлар учун қадрдон бўлиб қолган Ўзбекистон байрамлари билан бир қаторда Рождество, Оналик ва гўзаллик куни, Пасха — Шоба, Гиоргоб куни, Ртвели — Узум новдаси куни кабилар грузинларнинг диний ва миллий байрамлари нишонланади. Бу тадбирларда “Ўзбекистон — умумий уйимиз” фестивалининг лауреати “Мзиури” ансамбли ўзининг жозибали рақслари билан меҳмонларнинг кўнгилларини хушнуд қилади.Марказ қошида очилган адабиёт тўгараги иштирокчилари ижросида грузин тилидаги шеърлар ўқилади.

“Мегоброба” грузин маданий марказида Ўзбекистон тарихи, фан ва маданият соҳасидаги ўзбекгрузин муносабатлари тўғрисидаги китоблар тақдимоти, Ўзбекистоннинг “Буюк хизматлари учун” ва Грузиянинг “Шоншараф” орденлари билан тақдирланган дунё миқёсида таниқли олим, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Эдвард Ртвеладзе, гидрогеолог Тариэл Кучухидзе каби машҳур юртдошларимиз билан ижодий кечаларнинг ўтказилиши анъанага айланган.

“Мегоброба” марказининг спорт жамоаси миллий маданий марказлар ўртасидаги минифутбол бўйича биринчиликда ва тошкентлик машҳур самбочилар Сосо Гогнадзе ва Ревкат Резванов хотирасига бағишланган самбо турнирларида қатнашади.
Марказда ҳар йили уруш ва меҳнат фахрийларини табриклаш маросимлари, марказнинг ҳаётдан бевақт кўз юмган фаоллари — марказда она тилининг биринчи ўқитувчиси Дина Абдушелашвили ва Тошкентдаги Алишер Навоий ҳайкалининг муаллифларидан бири — ҳайкалтарош Нодар Бандзеладзе хотираларига бағишланган тадбирлар ўтказилади.
Грузин ёшларини ўз халқи ва бошқа халқларнинг маданий меросларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш руҳида тарбиялаш бўйича ишларни амалга ошираётган “мегоброба” жамоатчилиги“ ўзбекистон — умумий уйимиз” эканлигини фахр билан таъкидлайди ва ўз келажагини республикадаги демократик ислоҳотларга таянган ҳолда қуришда давом этади.