ЗАКИ ВАЛИДИЙ НОМИДАГИ ТОШКEНТ ШАҲАР БОШҚИРД ИЖТИМОИЙ МАДАНИЙ МАРКАЗИ

Бугунги кунда Ўзбекистонда бошқирд халқининг 30 мингга яқин вакили яшайди, уларнинг аждодлари турли даврларда Ўзбекистонга келиб қолиб, шу ўлкани доимий Ватан сифатида танлаганлар.
Ўзбекистонлик бошқирдларнинг биринчи жамоат бирлашмаси ҳисобланмиш Заки Валидий номидаги Тошкент шаҳар бошқирд ижтимоиймаданий маркази 1990 йил июн ойида ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади бошқирд тили, урфодатлари ва анъаналарини тиклаш ва ривожлантиришдан иборатдир.

Бошқирд халқининг бебаҳо фолклор мероси ҳисобланган “Уралбатир”, “Акбузат”, “Алпамиш”, “Кузийкурпяс ва Маянхилу” каби халқ достонларини ўрганишга ва оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилади. Шу билан бирга замонавий татар, бошқирд ёзувчилари ва шоирларининг ижоди тарғиб қилинмоқда. Улар қаторига республика китобхонлари орасида шуҳрат қозонган “Сўғдиёна”, “Қора бева”, “Олтин санам” каби севимли тарихий романлар муаллифи Явдат Илёсов ва ўзига хос иқтидор соҳиби, тошкентлик шоир Рим Юсуповни киритиш мумкин.

Марказ қошидаги “Мерос” ёшлар гуруҳи томонидан таниқли ўзбекистонлик бошқирдлар тўғрисида тарихий маълумотлар жамланган буклетлар чиқарилади, фан ва маданият арбобларининг туғилган кунлари нишонланади. Ўтган асрнинг 20йилларида Ўзбекистоннинг ижтимоийсиёсий ва маданий ҳаётида чуқур из қолдирган шарқшунос олим, жамоат арбоби Аҳмад Заки Валидий ҳаёти ва ижодига бағишланган кечалар анъанага айланган.
Ўзбекистон Мустақиллик куни ва Бошқирдистон куни, Наврўз байрами, Рўза ва Қурбон ҳайитлари, татарбошқирдларнинг Сабантуй, Униш байрами каби қатор миллий байрамлари кенг кўламда нишонланади. Кўп йиллик анъанага эга Бошқирд маданияти фестивали доирасида Ўзбекистон ва Бошқирдистон санъат усталари, шу жумладан “Агидел” фолклор жамоаси, “Ўзбекистон — умумий уйимиз” республика фестивали лауреатлари “Дуслик” ижодий уюшмаси, “Яшлек” татарбошқирд рақс ансамбли ўз маҳоратлари билан кўп сонли томошабинларни хушнуд қиладилар.

Ўз фаолиятини бошқирд диаспорасининг маънавий эҳтиёжларини қондиришга, Ўзбекистон ютуқларини Бошқирдистонда, Бошқирдистон ютуқларини эса Ўзбекистонда тарғиб қилишга қаратган Марказ 1995 йилдан бошлаб ҳар йили Уфада бўлиб ўтадиган бошқирдларнинг умумжаҳон қурултойида қатнашиб келади.
Бугунги кунда қардош халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик тимсоли сифатида эътироф этилган Заки Валидий номидаги Тошкент шаҳар бошқирд ижтимоиймаданий маркази билан бир қаторда Бухоро, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида ҳам татарбошқирд маданий марказлари фаолият олиб бормоқдалар.