ЎЗБEКИСТОН ҚИРҒИЗ МИЛЛИЙ МАДАНИЙ МАРКАЗИ

Ўзбекистон Республикасида 271 мингдан ортиқ қирғизлар яшайди. Биринчи вилоятлараро қирғиз маданий маркази 1991 йили Жиззах вилоятида ташкил этилган эди.Бугунги кунга келиб Андижон, Жиззах, Сирдарё, Наманган, Фарғона вилоятларида ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштирувчи Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази — жами олтита марказ фаолият кўрсатмоқда.

Бу марказларда миллий маданият, анъаналар, урфодатлар ва тилни ривожлантириш билан бирга халқ оғзаки ижодиёти, миллий ва жаҳон маданиятининг гавҳари бўлмиш “Манас” достонига катта эътибор қаратилади: мунтазам равишда оқинлар ўртасида мусобақалар, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг таниқли фан ва санъат арбоблари билан учрашувлар, китоблар тақдимотлари ўтказилади. Марказ жамоатчилиги жаҳон адабиётининг буюк намояндаси, халқаро жамоат арбоби, Ўзбекистоннинг юксак мукофоти — “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланган Чингиз Айтматов билан бир неча бор учрашувлар ташкил этган. Тошкент шаҳар қирғиз миллий маркази иштирокида “Чингиз Айтматов: ўзбекистонликлар хотирасида мангу” деб номланган хотиралар тўплами нашр қилинган.

Марказда ўзбек миллий байрамларига ўхшаш Навруз, Орозоайт, Курбанайт каби миллий ва диний байрамлар жуда қизиқарли ва рангбаранг қилиб ўтказилади. Марказ саъйҳаракатлари билан қадимги урфодатлар: бешиктой — чақалоқни бешикка ётқизиш, тушокесу — боланинг қўйган биринчи қадамига бағишланган ва бошқа халқ маросимлари қайта тикланди. Ўзбекистон ва Қирғизистон мустақиллик кунлари эса ҳақли равишда ўзбекқирғиз дўстлигининг ёрқин намойиши сифатида нишонланади.
Оммавий халқ сайиллари ва байрамларда марказлар қошида ташкил этилган миллий фолклор ансамбллари ижросидаги қадимги ва замонавий қўшиқу рақслар ижро этилиб, улар томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинади. Бундай жамоалар қаторига “Дўстлик” ва “Жаш киял” (Андижон), “Манас” (Жиззах), “Манас” (Наманган) ва“ЖанЖанай” (Сирдарё) каби жамоаларни киритиш мумкин.

Қирғиз маданий марказлари ўз фаолиятида вояга етаётган авлод тарбиясига алоҳида эътибор қаратадилар.Бугунги кунда Ўзбекистонда ўқитиш қирғиз тилида олиб бориладиган 60 та мактаб мавжуд. Қирғиз тилидаги дарсликларни тайёрлаш ва нашр қилиш ишлари билан “Ўзбекистон” нашриётининг махсус таҳририяти шуғулланади. Қирғиз мактабларининг ўқитувчилари, жумладан марказ фаоллари “Йил ўқитувчиси” республика кўриктанловида ҳар йили иштирок этиб, совринли ўринлар билан тақдирланадилар.
Қирғизларнинг Ўзбекистондаги ҳаёти тўғрисида Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг қирғиз, ўзбек ва бошқа тилларда узатиладиган “Айчурек” ва “Ягона оилада” телекўрсатувларида, шунингдек, “Элеман”, “Мин киял” радиоэшиттиришларида ҳикоя қилинади.