ЎЗБEКИСТОН КОРEЙС МАДАНИЙ МАРКАЗЛАРИ УЮШМАСИ

Корейсларнинг Буюк Ипак йўлига дахлдорлиги ва у билан алоқаси Самарқанддаги Афросиёб деворий суратларида ҳам қайд этилган бўлиб, уларда чет давлатлар вакиллари қатори кореялик меҳмон ҳам тасвирланган. 1937 йилдаги депортация вақтидан бери Ўзбекистонда яшаб келаётган корейслар ўзларининг янги ватанлари равнақи ва ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Диаспоранинг ўнлаб вакиллари Меҳнат Қаҳрамони унвонига сазовор бўлганлар, жумладан, “Полярная звезда” хўжалигининг раиси Ким Пен Хва бу мукофот билан икки марта тақдирланган.

Мустақиллик халқ анъаналари, урфодатлари ва тилининг сақланиши ҳамда диаспоранинг янада ҳамжиҳат бўлиши учун янги имкониятлар яратиб берди. 1991 йилда ташкил этилган Ўзбекистондаги Корейс маданий марказлари уюшмасининг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти, Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган, Сирдарё, Фарғона, Хоразм вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида 23 та бўлинмаси фаолият кўрсатмоқда.

Бугунги кунда бу марказларда корейслар ўз она тилларини ўрганадилар, бошқа этник бирлашмалар билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг давлат ва миллий байрамларини ҳамда Соллал — корейсча янги йил, Тано — ёз байрами ва Чусок — ҳосил байрами каби корейс халқининг миллий байрамларини нишонлайдилар.

Ҳар бир марказ қошида фолклор рақс ва қўшиқ жамоалари тузилган, она тили тўгараклари, шахмат ва спортнинг миллий турлари бўйича секциялар фаолият кўрсатади. Ундан ташқари, ҳар бир марказда Оқсоқоллар кенгаши ва диний маросимларни ташкил қилиш бўйича ташкилотлар фаол ишламоқда. Ҳар йили “Ўзбекистонлик корейсларнинг анъаналари ва урфодатлари” республика конференциясеминари ўтказилади. Ушбу анжуман натижалари бўйича мавзуга оид рисолалар чиқарилади. Кенгаш ҳомийлигида “Ариран” пансионати фаолият кўрсатиб келмоқда. Хотира ва қадрлаш кунида эса меҳнат фахрийлари тақдирланади.

Корея Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси, “Ўзбекистон–Корея” дўстлик жамияти билан яқиндан ҳамкорлик қилувчи уюшма томонидан ҳар йили хор жамоаларининг республика фестивали, Ассоциация қошида фаолият юритувчи “Тинбо” илмийтехник жамияти томонидан эса илмий конференциялар ўтказилади. Ўзбекистонда илгари яшаган ва ҳозирги кунда истиқомат қилувчи таниқли корейс арбоблари ҳақида китоблар ва маълумотномалар, “Ариран” ижодий уюшмаси ва Чо Мен Хи номли адабиёт клуби томонидан корейс ёзувчилари ва шоирларининг тўпламлари нашр қилинади. Ассоциациянинг Ёшлар маркази “Ватандошлар Нетwорк” анжумани, корейс анъаналари бўйича семинарлар ўтказмоқда, марказ фаоллари халқ байрамлари, хайрия тадбирларида мунтазам иштирок этмоқдалар. Мамлакатнинг турли ҳудудларида “Корё”, “Котбонари”, “Самдиён”, “Сядал” рақс ансамблларининг концертлари санъатсеварлар қалбини ром қилган.
Ассоциация ишида ёшларнинг фаол иштирок этиши — ўзбек диёрида салкам 80 йилдан бери яшаб келаётган корейс диаспораси фаровон ҳаётининг ёрқин далилидир. Ўзбекистонлик корейслар ҳаёти “Корё синмун” газетаси ва Ўзбекистон телевидениесида “Чинсен” ва “Ягона оилада” телекўрсатувлари орқали ёритиб борилади.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг ижтимоийсиёсий ҳаётида фаол иштирок этаётган бир неча корейслар давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирландилар. Улар қаторида Вера Пак (Ўзбекистон Қаҳрамони) ва бошқа машҳур ватандошларимиз номларини санаш мумкин.