Yangiliklar

Ўзбекистонда 12 та университет, 28 та мактаб ва лицейда корейс тили фан сифатида ўқитилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 22 — 25 ноябрь кунлари Корея Республикаси Президенти Мун Чже Инанинг таклифи билан мазкур мамлакатга давлат ташрифини амалга оширмоқда.

Турли хил соҳаларда мамлакатларимиз ўртасидаги бугунги кундаги ҳамкорликнинг ривожланиши, ўзаро алоқаларимизнинг тарихи ҳақида ўқувчиларимизни яқиндан таништиришда давом этамиз. Ушбу мақолада Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик тўғрисида маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Мамлакатларимиз ўртасида гуманитар соҳадаги муваффақиятли ҳамкорлик узоқ тарихга эга. Барчамизга маълумки, узоқ йиллардан буён Ўзбекистонда истиқомат қилиб келаётган корейслар ижтимоий ҳаётимизнинг ажралмас ва муҳим қисмига айланган.
1992 йилдан буён Тошкентда Корея таълим маркази фаолият юритиб келмоқда. Марказ танлов асосида Корея Республикасида тил ўрганиш ҳамда университет ўқитувчи ва талабалари учун малака ошириш курсларини ташкил этиш билан шуғулланади.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг етакчи олий ўқув юртларида, жумладан, Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетида, Самарқанд давлат чет тиллари институтида, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетитида Корея тил ва маданият марказлари фаолият юритиб келмоқда.
Республикамиз бўйича 12 та университет ҳамда 28 та мактаб ва лицейда карейс тили фан сифатида ўқитилади.
2012 йилда Тошкентда ва 2016 йилда Самарқандда Корея Республикаси Халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОИКА) гранти асосида ўзбек-корейс таълим марказлари ташкил этилди.
Корея Республикаси ҳукуматининг беғараз ёрдам дастури асосида Тошкент Давлат педагогика университети, Тошкент Давлат шарқшунослик институтида Корея Республикаси Халқаро ҳамкорлик агентлиги билан шарқий тадқиқотлар электрон кутубхонаси яратилди.
2014 йилнинг 1 сентябрь куни Тошкент шаҳрида компьютер ва дастурий инжиниринг, логистика соҳасига ихтисослашган Кореянинг Инха университетининг филиали очилди.
Шунингдек, 2014 йил 1 сентябрь куни Тошкентнинг “Бобур” боғи ҳудудида Сеул боғи очилди. Бугунги кунда Корея маданият ва санъат уйини барпо этиш мақсадида қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги ва Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида мамлакатимизда “Корея маданияти ҳафталиги” ўтказилади. Ҳафталик доирасида Корея киноси кечаси, Корея анъанавий амалий санъат усталарининг маҳорат дарслари, бадиий ва фото кўргазмалар, корейс қўшиқлари ва нотиқлик бадиий танлови, Корея мода намойишлари бўлиб ўтади.
Корея Республикаси Ўзбекистон таеквондо ассоциациясини спорт ускуналари билан жиҳозлашда, юртимизда ҳар икки мамлакат спортчилари учун ўқув машғулотларини ташкил этишда кўмаклашади.
Ўзбекистон — Корея муносабатларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Жанубий Корея ҳукуматининг 10 нафар ишбилармон ва жамоат доиралари вакили “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.