“Светлица Полска” — Ўзбекистон поляк маданий маркази

Обновлено: 28 сентября 2026 1 мин чтения

“Светлица Полска” — Ўзбекистон поляк маданий маркази

Полякларнинг Ўрта Осиёда пайдо бўлиши илк бор XIII аср манбаларида қайд этилган бўлиб, бу ҳодисани вротславлик монах Полякнинг Ватикан ишлари бўйича Сирдарё водийси бўйлаб Орол денгизигача етиб боргани билан боғлашади. XIX асрда Туркистонда шаклланишни бошлаган поляк диаспораси Биринчи жаҳон уруши ва жаҳон тарихидаги бошқа ҳодисалар натижасида кенгайган.

Келиб чиқиши поляк бўлган юртдошларимиз ва Полша тарихи, маданияти, тили билан қизиқувчи бошқа миллат вакилларини 1989 йилда ташкил этилган “Светлица Полска” поляк маданий маркази бирлаштирган. 1992 йили ушбу марказ республика мақомига эга бўлиб, бугунги кунда у Тошкент шаҳридаги “Зажеве”, марказнинг Бухоро вилоятидаги бўлинмасини, Самарқанд вилоятидаги “Полонез” маданий марказини ва пойтахтнинг “Полский класс” жамиятини ўз ичига олади.

Марказ поляк маданиятини оммалаштириш билан бирга Полшанинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳам яқиндан ҳамкорлик қилади. Поляк халқининг Фредерик Шопен, Адам Мицкевич, Станислав Монюшко, Николай Коперник, Мария Складовская-Кюри, Ян Матейко каби маданият, санъат ва фан соҳаларининг таниқли арбобларига бағишланган ижодий кечалар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона маданий алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Марказ томонидан ўтказилаётган тадбирлар ичида буюк юртдошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483–1530) ва поляк халқининг буюк санъаткори Анна Герман (1936–1982) фаолияти ва ижодига бағишланган кечалар алоҳида эътиборга лойиқ. Бошқа-бошқа даврларда яшаб, ижод қилган бу икки инсон бир кунда, яъни 14 февралда Ўзбек заминида туғилгани диққатга сазовордир.

“Светлица Полска” Ўзбекистон поляк маданий марказида полшалик рассомлар кўргазмалари, “Wspomnienia” — поляк шлягерлари” мусиқа фестиваллари ўтказилади. Поляк тилини ўқитиш, ёшларнинг поляк тилида таълим олишларига кўмаклашиш марказнинг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади.

Марказ “Ўзбекистон — Полша” дўстлик жамияти билан биргаликда тарихий ватанларидан йироқда яшовчи поляклар учун Полония куни, Конституция куни ва Полша Мустақиллиги кунини, Велканоц — Пасха, католикларнинг Рождество, Дожинки — ҳосил байрами каби саналарни нишонлайди.

Ушбу тадбирларда ҳаваскор жамоалар ижросидаги поляк халқ қўшиқлари янграйди, ранг-баранг миллий либослар ва рақслар намойиш этилади, байрам дастурхони эса анъанавий пишириқлар билан безатилади.