“Видергебурт” — Ўзбекистон немислар маданий маркази
Немисларнинг Ўзбекистон ҳудудида истиқомат қила бошлаши тарихи XIX асрнинг 60-йилларига тўғри келади. 1990 йили Тошкентда ҳудудий бўлимларни бирлаштирувчи “Видергебурт” — “Тикланиш” немис миллий-маданий маркази ташкил этилган. Унинг Бухоро, Самарқанд ва Фарғона филиаллари шаҳарларида ҳам фаолият юритяпти.
Ўзбекистон немислар маданий марказининг устувор вазифалари — немис маданиятининг энг муҳим жиҳатларини тиклаш, немис халқининг жозибадор қўшиқ ва рақслари билан ўтадиган қувноқ байрамларини ташкил қилиш, ёшларни немис тилига ўргатишдир. Ушбу марказлар қошида ёшлар учун халқ ижодиёти, театр ва рақс санъати бўйича тўгараклар ишламоқда. Немис тилини йил давомида чуқур ўрганиш дастури доирасида Германиядан келган ўқитувчилар иштирокида “Зоммершпрахакадемие” республика ёзги лингвистика лагери ташкил қилинади. “Югендштерн” — “Ёшлар юлдузи” деб номланувчи ёшлар ташкилоти марказга ижтимоий, маданий ва таълим ишларида кўмаклашади. Республика рақс фестивалини ўтказиш, немис тилида сўзлашувчи ҳаваскор театрларнинг ҳар йили ўтказиладиган фестивалида жаҳон классикаси, замонавий немис ва ўзбек муаллифлари асарларини саҳналаштириш ёшларнинг асосий лойиҳаларидир. Ёш ҳаваскор актёрларга ёрдам бериш мақсадида Германиядан махсус педагоглар ва театр арбоблари таклиф этилиб, улар иштирокида театр санъати бўйича мастер-класс ўтказилади.
Кекса ёшдагилар учун ташкил қилинган Сеньорлар клубида доимо халқ қўшиқлари янграйди, ёшлар билан анъанавий Пасха — Остерн, католиклар Рождествоси — Вайнахт, Заминни қадрлаш байрами — Эрнтеданкфест, Оналар куни ва Оталар куни — Муттертаг ва Фатертаг, Октоберфест байрамлари нишонланади.
Марказ томонидан республикада яшаган ва яшаётган немислар тарихи бўйича семинарлар, Ўзбекистон ва Германиянинг буюк санъат намояндаларига бағишланган кечалар ўтказилади. Жаҳон мусиқасининг буюк композиторлари Иоганн Себастян Бах, Людвиг ван Бетховен, Франц Шуберт, Рихард Вагнер, Волфганг Амадей Моцарт асарларининг “Сўғдиёна” ўзбек миллий чолғулар оркестри томонидан анъанавий ижро этилиши кенг жамоатчилик томонидан доимо юқори баҳоланган. “Видергебурт” марказининг сўнгги нашрлари қаторида “Ўзбекистоннинг немис рассомлари” китоб-албоми, “Ўзбекистонлик немислар маданиятлар мулоқотида”, “Фарғона водийси немислари: тарих ва бугунги кун” китобларини кўрсатиш мумкин. Республикада яшайдиган немислар масаласи бўйича 1995 йилда ташкил этилган Ўзбекистон — Германия ҳукуматлараро комиссияси фаолияти, шунингдек, комиссия аъзоларининг фаоллар билан мунтазам учрашувлари республикадаги Немис маданий марказлари ишига тўғридан-тўғри ёрдам бериб келмоқда. “Видергебурт” Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Тошкентдаги Гёте институти, бошқа немис ташкилотлари, шунингдек, “Ўзбекистон–Германия” дўстлик жамияти билан яқиндан ҳамкорлик қилади.