2021 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

ЎЗБЕКИСТОНДА “ХАЛҚЛАР ДЎСТЛИГИ КУНИ” БЕЛГИЛАНДИ

Ҳозирги нотинч ва таҳликали замонда дунё ҳамжамияти олдида турган, инсоният дуч келаётган мураккаб муаммолар, хавф-хатарларни биргаликда бартараф этишда, турли таҳдидларнинг олдини олишда барча эзгу ниятли инсонларни, айниқса, қўшни мамлакатлар билан биргаликда, нуфузли халқаро ташкилотларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни бугун ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга навбатдаги мурожаати ўзининг долзарблиги ва стратегик аҳамияти билан сиёсатчи экспертлар, кенг жамоатчилик орасида катта қизиқиш уйғотди.

Парламентга Мурожаатномада Президентимиз томонидан кўтарилган масалалар орасида худудимизда яшаб келаётган кўпмиллатли халқимизнинг азалий дўстона муносабатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслари шу соҳада давлатимиз раҳбари олиб бораётган оқилона сиёсатининг намунаси эканлигини яна бир карра исботлайди.

Ўтган йилги Мурожаатномада Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан 30 июль – Халқаро дўстлик куни муносабати билан “Дўстлик” ҳафталигини ташкил этиш ҳамда ушбу ҳафталик доирасида “Дўстлик” халқаро форум-фестивалини ўтказиш ҳақида киритган таклифи илгари сурилди. Бу йил эса, ушбу санани Ўзбекистонда “Халқлар дўстлиги куни” деб белгилаш таклифи, илгари сурилган ташаббусларнинг мантиқий давоми бўлди.

2021 йил 5 февраль куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлисида “Халқлар дўстлиги кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, шунингдек вазмин, ўзаро фойдали ташқи сиёсатни амалга ошириш масалалари устувор вазифа сифатида белгиланди.

Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Халқлар дўстлиги кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида халқимизга хос бағрикенглик ва азалий дўстлик ғоялари ифода топган.

Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элатлар ҳамда 16 та диний конфессия вакиллари истиқомат қилиб, 147 та миллий-маданий марказ ва 38 та дўстлик жамияти фаолият юритмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 4 майдаги Фармони асосида          Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказларида “Дўстлик уйлари” ташкил этилди.

Турли миллатлар вакили бўлган 14 нафар ташаббускор ва фидойи юртдошимиз Ўзбекистон Қаҳрамони юксак унвон билан тақдирланганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Турли миллат вакилларининг ўз она тилларида таълим олиш имкониятини таъминлаш мақсадида мамлакатимиз таълим муассасаларида ўқиш 7 тилда, яъни ўзбек ва қорақалпоқ тилларидан ташқари рус, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида ҳам олиб борилмоқда. Олий таълим масканларида эса бир неча қардош ва хорижий тилларда таҳсил олиш имконияти яратилган.

Телерадиоларда 12 тилда кўрсатув ва эшиттиришлар эфирга узатилаётгани, газета ва журналлар 10 дан ортиқ тилда чоп этилаётгани мамлакатимиздаги миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик муҳитининг амалдаги намунасидир.

2019 йил 15 ноябрда Фармонга мувофиқ Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш соҳасида давлат органлари ва ташкилотларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик даражасини янада ошириш мақсадида Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси тасдиқланди.

Халқлар дўстлиги ва умумхалқ бирдамлик кунини байрам сифатида белгилашдан асосий мақсад инсонлар, халқлар, давлатлар, умуман олганда, жамиятнинг турли қатламлари ҳамда тузилмалари ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш ва дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришдан иборат.