2022 йил Bosh-sahifa-kir Тадбирлар Янги Ўзбекистон

“Марказий Осиё давлатларида миллатлараро тотувликни таъминлаш” мавзусидаги халқаро конференция”

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2021 йил 10 февралда қабул қилинган қонунга асосан Ўзбекистонда 30 июль санаси Халқлар дўстлиги куни сифатида кенг нишонланмоқда. Бу байрамнинг таъсис этилиши кўп миллатли Ўзбекистон халқи томонидан кўтаринки руҳда кутиб олинди.

Мазкур санани муносиб нишонлаш мақсадида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан қатор ҳамкор ташкилотлар билан бирга юртимизда 30 июль – 7 август кунлари Дўстлик фестивали ўтказилмоқда.

Фестиваль доирасида жорий йилнинг 5 август куни Пойтахтимиздаги “International hotel of Tashkent” меҳмонхонасида “Марказий Осиё давлатларида миллатлараро тотувликни таъминлаш” мавзусидаги халқаро конференция ташкил қилинди.

Меҳмонхона фойесида тожик, туркман, қирғиз ва қозоқ миллий маданий марказлар томонидан ташкиллаштирилган миллий ҳунармандчилик асарлари кўргазмаси конференция иштирокчилари диққатига ҳавола этилди.

 

 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар вакиллари, Хориждаги ватандошлар, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган
халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари, Жамоат бирлашмалари, Дўстлик жамиятлари, Миллий маданий марказлар, Ўзбекистондаги диний конфессиялар, миллатлараро муносабатлар масалалари бўйича олимлар ва экспертлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлик мутасаддилари, ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этишди.

Конференцияда хорижий мамлакатлардан Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон давлатларидан юқори мартабали шахслар, етакчи экспертлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари мутахассислари қатнашди.

Халқаро конференциянинг асосий мақсади – Марказий Осиё мамлакатларининг миллатлараро тотувликни таъминлаш борасидаги ахборот ва илмий салоҳиятини бирлаштириш, маданиятларини намойиш этиш ва яқинлаштириш, шунингдек келгусида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ўзаро фаол ва мустаҳкам яхши қўшничилик, дўстлик, ишонч муҳитини сақлашга ҳамда Ўзбекистонда халқ дипломатияси асосида чет элдаги ватандошларимиз билан мунтазам муносабатларни йўлга қўйиш, хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш орқали Ўзбекистонда яшаб келаётган барча миллат ва элат вакилларининг тарихи, маданияти, маънавий қадриятлари, миллий анъаналари ва урф-одатларини сақлаш, ҳар томонлама ривожлантириш.

 

 

Конференция ишининг очилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси доимий координатори Роли Астхана, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов ва Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбанов сўзга чиқишди.

Онлайн шаклда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Миллий озчиликлар масалалари бўйича Олий комиссари Қайрат Абдураҳмонов конференция ишига ўз видеомурожаатини йўллади. Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ҳам онлайн шаклида видеомурожаат билан қатнашди.

 

 

Қайд этилганидек, Янги Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминланганлиги турли халқларнинг маданияти ва урф-одатларини ривожлантиришга кенг имкониятлар яратилганлигини кўрсатади.  Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар марказида аввало инсон манфаати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсади туради.

Республикада яшаб келаётган 130 дан ортиқ миллат ва элатларнинг вакиллари фаол меҳнатлари билан юртимиз равнақига қўшаётган катта ҳиссалари билан қатор ютуқлар қўлга киритилмоқда.

Конференциянинг ялпи мажлисида Ўзбекистон ташқи сиёсатида минтақа мамлакатлари билан ишончли муносабатлар ва очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш бўйича эришилган ютуқлар тўғрисида маърузалар тингланди.

 

 

Таъкидландики, Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида, минтақа ва глобал даражада фаол ташқи сиёсатни йўлга қўйиб, хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантирмоқда. Бундай изчил, аниқ ва конструктив ташқи сиёсатни халқаро экспертлар ва кузатувчилар ҳам эътироф этмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда Марказий Осиё давлатлари билан кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва ўзаро ишонч руҳидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу жараёнда “халқ дипломатияси” амалда жуда фаол бўлгани кузатилмоқда. Хусусан, халқ вакиллари – олимлар ва рассомлар, маданият ва дин арбоблари, ишбилармонлар ва ёшлар, туризм ва спорт ташкилотлари, жамоат бирлашмалари ва нодавлат ташкилотлар иштирокида кўплаб учрашув, анжуман, видеоконфренция ва бошқа шу каби тадбирлар ўтказилди.

 

Конференция халқ дипломатияси, илм-фан, маданият, санъат, таълим, миллатлараро муносабатлар соҳаларида бугунги кун масалаларини муҳокама қилиш, ўзаро фаол маданий алмашинувга эришиш имкониятларини яратиши билан аҳамиятлилиги таъкидланди.

Таниқли маҳаллий ва хорижлик олим-экспертлар томонидан бугунги мураккаб даврда бундай конференциянинг ташкил қилиниши  Марказий Осиё давлатлари билан дўстлик, ўзаро манфаатдорлик ва яхши қўшничилик тамойилларига асосланган муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши эътироф этилди.

Куннинг иккинчи қисмида Конференция иши шўъбаларга бўлинган ҳолда давом эттирилди.

1-шўъба. “Минтақавий ҳамкорлигини мустаҳкамлашда маданий-гуманитар алоқаларнинг ўрни”, 2-шўъба. “Ватандошлар” жамоат фондининг хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан мулоқотларига оид “Ватандошлар жамоат бирлашмалари билан ишлашда Марказий Осиё давлатларининг тажрибаси”, 3-шўъба. “Этнотуризм ва этноспорт: хориж тажрибаси ва ривожланиш истиқболлари” мавзусига бағишланди.

Шўъбаларда Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган миллий маданий марказлар раислари ва халқаро ташкилотлар вакиллари, диний конфессиялар мутасаддилари юртимизда олиб борилаётган миллий сиёсат, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик борасида ўз фикрларини билдиришди.

Таъкидландики, бундай тадбирларнинг ўтказилиши Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тадбирнинг якуний натижаларига кўра  резолюция қабул қилинди. Марказий Осиё давлатлари ўртасида миллатлараро тотувликни таъминлаш, ҳамкорликни, ҳамжиҳатлик ва дўстона муносабатларни ривожлантиришга кўмаклашадиган конференция тавсиялари ишлаб чиқилиб, қабул қилинди.